7 Май 2025 йил 310

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида давлатимиз раҳбарининг ПҚ-1-сонли Қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди

Расмий саҳифаларимизда хабар бериб бораётганимиздек, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги масъуллар бевосита ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь кунидаги "2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни жойига чиқиб ўрганмоқда.

Худди шу мақсадда Ромитан туманида ҳам навбатдаги ўрганишлар амалга оширилди.

Дастлаб, ўтган ҳисобот йилида “қизил тоифа” га кирган Афросиёб МФЙ да бўлган масъуллар, Амир Темур кўчасида "Намунали хавфсиз кўча” ва “Намунали хавфсиз йўлак” лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишларни жойига чиқиб кўздан кечиришди. Шундан сўнг, маҳалла биносида “еттилик” вакиллари иштирокида ПҚ-1-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 801-сонли Қарорлари талаблари асосида ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, мавжуд муаммолар ҳамда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар бирма-бир муҳокама қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда “Бухоро тажрибаси” асосида профилактика катта инспекторларининг хизмат фаолиятида фойдаланиш учун берилган учувчисиз аппарат (дрондан) лардан фойдаланиш амалиёти, дастлабки натижалар, ушбу қурилманинг афзалликлари ва мавжуд муаммолар ҳам яқиндан ўрганилди.

Ўрганишлар якунида одатдагидек, туман ҳокимлигида тезкор йиғилиш ўтказилди. Бунда жорий йилнинг 22-29 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида олиб борилган комплекс инспекторлик текшируви якунлари юзасидан ўтказилган якуний йиғилишда берилган топшириқлар ижроси муҳокама қилинди.

Танқидий-таҳлилий, юзма-юз очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан соҳавий хизматлар масъулларининг амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботлари тингланди.

Жараёнда, туманда жорий йилнинг бугунги кунига қадар қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, омил бўлган шарт шароитлар, жиноятларнинг турлари, содир этган шахсларнинг тоифалари кесимида чуқур таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирининг алоҳида Фармойиши асосида Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган "Хавфсиз ва соғлом юрт" кенг қамровли тезкор профилактик тадбири доирасида Ромитан туманида амалга оширилган ишлар ва натижалар ҳам бирма-бир кўриб чиқилди.

Якунда, 2 нафар хизмат соҳа раҳбарини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш, бир қатор иш кўрсатгичлари паст ходимларни интизомий жазолаш, 5 нафар юқори натижага эришган ходимларни рағбатлантириш тўғрисида қарорлар қабул қилинди ҳамда шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузарликларни олдини олишга доир профилактик огоҳлантирув ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилиб, ички ишлар органлари ходимлари томонидан йўл қўйилган интизом бузиш ҳолатлари аниқ мисолларда улар эътиборига етказилди.

Ўрганиш ва якуний йиғилиш давомида аниқланган ҳар бир масала ҳамда муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилиб ижроси алоҳида назоратга олинди.

Бу каби ўрганишлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам изчиллик билан давом этмоқда.

Text to speech