27 Октябр 2023 йил 2638

Бухорода 25 – октябрь “Ички ишлар органлари ходимлари куни” кенг тантана қилинди

25 – октябрь “Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда Бухоро вилояти ИИБ ва унинг ҳудудий органларида хизмат қилаётган фидойи ходимлар, соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб бугунги кунда кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ фахрийлар иштирок этдилар.

Тантана аввалида ички ишлар органлари ходимларининг шарафли ва машаққатли хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Сўзга чиққан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов вилоят ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.

Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Шу куни байрам муносабати билан ИИВ, вилоят ҳокими, прокуратура ва Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг миннатдорчилиги ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш билан бир қаторда вилоятимиз ҳудудида олиб борилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган фидойи ходимларнинг бир гуруҳига 25 октябрь – “Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан кўкрак нишонлар,  қимматбаҳо совға ва “Фахрий ёрлиқ”лар топширилди.

Санъат намоёндалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Text to speech