11 Июл 2023 йил 641

Бухорода бир кунда 3 та ўғирлик жинояти фош этилди

Номаълум шахс бошқа бир фуқаронинг Бухоро шаҳар “Ғиждувоний” маҳалласидаги яшаш хонадони рўпарасида жойлашган экин ер майдонида унга тегишли, бир бош, баҳоси 6 млн. сўмлик қорамолнинг қаровсиз боғлаб кетилганидан фойдаланиб, яширин равишда талон-торож қилган ва жабрланувчига моддий зарар етказган ҳолда ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни, жабрланувчининг маҳалладоши 1997 йилда туғилган Р.Ш. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган.

Иккинчи ҳолатда, номаълум шахс ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида Қоровулбозор тумани “Навбаҳор” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Natural fructis” МЧЖга қарашли дала ерида бошқа бир фуқарога тегишли бўлган жами баҳоси 9 млн. сўм бўлган, бир бош сигири ва бузоғини яширин равишда талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Ғиждувон тумани “Соктари” маҳалласида яшовчи 2002 йилда туғилган И.Й. ва 1991 йилда туғилган У.Ф. ҳамда Қоровулбозор туманининг “Жарқоқ” маҳалласида яшовчи 1998 йилда туғилган, Қ.А. ва 2001 йилда туғилган Ж.Ж. исмли жами 4 нафар шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир қилганлиги фош этилди.

Ҳолат бўйича 1 бош сигир далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Шунингдек, навбатдаги ҳолатда номаълум шахс Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида яшовчи фуқарога тегишли заргарлик дўконга мижоз сифатида келиб, дўкондан 2 дона баҳоси 3.500.000 сўмлик тилла узук, 1 дона баҳоси 700.000 сўмлик тилла зирак, 1 дона баҳоси 240.000 сўмлик аёллар кумуш узуги ва 1 дона баҳоси 160.000 сўмлик эркаклар кумуш узугини ўғирлаб, жабрланувчига жами 4.600.000 сўм миқдорида моддий зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасида яшовчи, 2000 йилда туғилган А.Н. исмли шахс содир этгани аниқланган.

Ҳозирги кунда ушбу шахсларнинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорликларини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech