Бухорода фуқароларнинг соддалигидан фойдаланиб уларга нисбан янги турдаги фирибгарлик жиноятини содир қилган жиноий гуруҳ фош этилди
2024 йилнинг 30 апрель куни номаълум шахслар қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, бир гуруҳ бўлиб, олдиндан вазифаларни тақсимлаб, ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан эгаллаш мақсадида, Бухоро туманининг Гала Осиё шаҳарчасида яшовчи фуқаронинг телефон рақамига телефон қилиб, ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишловчи катта терговчи сифатида таништириб, унинг қизи сабабли йўл транспорт ҳодисаси содир бўлганлиги оқибатида бошқа бир ҳайдовчи оғир тан жароҳати олиб касалхонада даволанаётганлигини ва унинг аҳволи оғир бўлиб, унга бир неча жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 10.000 АҚШ доллари миқдорида пуллар зарурлигини, акс ҳолда қизи узоқ муддатга қамалиб кетишини айтиб қўрқитиб, зарур пулларни олиш учун ўзининг ёрдамчи терговчисини юбортириб ишни бартараф қилишга ишонтирган.
Ушбу номаълум шахс номидан юбортирилган жиноий шериги аёлдан 7.000 АҚШ доллари, 12.000.000 сўм ва 27.770 Россия Федерацияси рублини алдов йўли билан қўлга киритиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган техник ва тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни 1985 йилда туғилган, Тошкент вилоятида яшовчи М.А. исмли шахс ўзининг Россия Федерациясида бўлиб турган шериклари билан олдиндан жиноий тил бириктириб содир қилганлиги аниқланган.
Шунингдек, ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан 2024 йилнинг 1 май кунидан 10 май кунига қадар бўлган вақт оралиғидан Фарғона вилояти ҳудудида ҳам худди шу турдаги 6 та жиноятлар содир этилганлиги фош этилган.
Ҳозирги кунда ушбу шахснинг вилоятимиз қолаверса бутун республикамиз ҳудуди бўйлаб содир этилган ва фош этилмасдан қолаётган шу ва бошқа турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан техник, тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.