Бухорода гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга доир жиноятларнинг олди олинди
Гиёҳвандлик бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган долзарб муаммолардан бири. Шу боис Мамлакатимизда гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши ва улар устидан назорат ўрнатиш борасида кескин ва муросасиз йўл танланган. Лекин шунга қарамасдан ўзининг қабиҳ ниятларини амалга ошираётган оғуфурушлар ва уни сақлаб келаётганлар кўплаб учрамоқда. Энг ачинарлиси, ундан мўмай даромад топишни ният қилган, била туриб жирканч ишга қўл ураётганлар қанча.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида фармойиши асосида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида "Гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш" борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан кенг жамоатчилик билан биргаликда бир қатор манзилли профилактик ҳамда тезкор тадбирлар амалга оширмоқда.
Мана шундай тезкор тадбирлар давомида Жондор туманида гиёҳвандлик моддалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш борасидаги бир неча жиноий ҳолатлар фош этилди.
Жумладан, олинган тезкор маълумот асосида 2023 йилнинг 23 декабрь куни соат 7:30 ларда туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Хумдонак маҳалласида яшовчи, 1964 йилда туғилган Н.Қ. исмли шахснинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, меҳмонхонасидаги шкаф тортмасида икки дона қоғоз ўрамидаги, қуритилган, Бухоро вилоят ИИБ ЭКМнинг кимёвий экспертиза хулосасига кўра соф вазни 8,4 граммга тенг бўлган “озгинадан кўпроқ” миқдордаги «марихуана» гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Иккинчи ҳолатда, айнан шу куни 7:40 ларда Жондор туман ИИБ ходимлари томонидан туманнинг Тинчлик маҳалласида яшовчи, 1985 йилда туғилган А.А. исмли шахснинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, ҳовлисининг том қисмида бир дона “спички” ёзувли гугурт қутига жойланган ва бир дона қоғоз ўрамидаги, қуритилган, кимёвий экспертиза хулосасига кўра соф вазни 3,36 граммга тенг бўлган “озгинадан кўпроқ” миқдордаги «марихуана» гиёҳванд воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Ҳар иккала ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар гиёҳвандлик ҳамда психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш ўта жирканч қилмиш ва оғир жиноятдир.
Келгусида ҳаётингиз, соғлиғингиз, мол-мулкингизни турли жиноий тажовузлардан асраб авайлаш, ҳар қандай жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи гиёҳвандлик деб аталувчи иллатдан жамиятни холи қилиш учун юқоридаги каби ҳолатлар тўғрисида бирор бир маълумотга эга бўлсангиз, зудлик билан 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига бориб хабар беришингизни сўраб қоламиз.
Кимда ким шу каби оғир ва ўта оғир жиноятлар тўғрисида маълумот берса, ўша фуқаро ички ишлар бошқармаси томонидан рағбатлантирилади ва сизнинг шахсингиз махфий сақланади.
Ҳамкорлигингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.