Бухорода гиёҳвандлик моддалари олди-сотдиси билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди
2024 йилнинг 26 апрель куни, Бухоро вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси, ДХХ ҳамда Божхона вилоят бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Ғиждувон туманида яшовчи шахс бошқа бир фуқарога 2.000.000 сўм эвазига 2 дона гугурт қутисига солинган, умумий вазни 10,5 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтда қўлга олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, қўлга олинган фуқаронинг берган кўрсатмасига асосан Бухоро шахрининг Сувчилар кўчасида яшовчи шахснинг яшаш хонадони ҳамда ёрдамчи бинолари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг томарқа ерида жами 31 туп “Каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги аниқланди.
Бундан ташқари ушбу фуқарога тегишли бўлган хонадонда кечиктириб бўлмас тинтув тергов ҳаракати ўтказилганда 215 дона “Спички” ёзувли гугурт қутига ҳамда алоҳида полиэтилен пакетга солинган умумий вазни 1 кг 920 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси ва полиэтилен пакетга солинган қуритилган холдаги умумий вазни 255 граммга тенг бўлган “Каннабис” гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланиб, ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273 моддаси 5 қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонлан қилинувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.
Ҳозирги кунда мазкур жиноий гуруҳнинг бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.