Бухорода ИИБ биносида фуқаро вафот этгани билан боғлиқ ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумот юзасидан расмий хабар
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган 1985 йил Бухоро вилояти Вобкент туманида туғилган фуқаро Ҳ.Қ.нинг ўлимига оид турли талқинлар тарқалмоқда.
Маълум қиламизки, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Бухоро шаҳар ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сон ИИБ Тергов гуруҳи юритувида бўлган Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича, гувоҳ тариқасида жалб этилган фуқаро Қ.Ҳ. соат тахминан 15.00 ларда Бухоро шаҳар 4-сон ИИБ га жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш учун келган, аммо терговчининг хизмат вазифаси билан бошқа жойда бўлганлиги сабабли ИИБ биносига кирмасдан қайтиб кетган.
Фуқарони ИИБ биносига кирмасдан кетган ҳолати видеотасвирга муҳрланган.
Шундан сўнг фуқаро Қ.Ҳ. 80 Z 015 ОА Д/р “Матиз” такси автомашинасини тўхтатиб, уни Бухоро шаҳридаги “Файзиобод” жоме масжидига олиб боришини сўраган. Йўлда, фуқаро Қ.Ҳнинг соғлиғи ёмонлашиб, оғзидан кўпик чиқиб, хушини йўқотган. Ҳайдовчи хушсиз йўловчини тезкорлик билан Бухоро шаҳар касалхонасига олиб борган.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан фуқаро Қ.Ҳ. шу куни соат тахминан 21.00 ларда касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган. Суд-тиббиёт экспертизасининг бирламчи хулосасига кўра ўлим “Тутқаноқ синдроми, ўпка ва мияга кислород ўткир етишмовчилиги” оқибатида юз берган. Текширув жараёнида мурдани баданида ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳолат Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати