Бухорода криминоген вазияти оғир “қизил тоифали” маҳалла жиноятчилиги жойида муҳокама этилди
Хабарингиз бор, вилоят 3-сектор раҳбари, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир, жиноятлар кўп содир этилган «қизил» тоифали маҳаллаларга бориб, жиноятчилик ҳолатини жойида муҳокама қилиб бормоқда.
Жумладан, бугун, 30 сентябрь куни жиноятчиликнинг навбатдаги “маҳаллабай” муҳокамаси Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ҳамда Давлат Солиқ бошқармаси бошлиғи Мақсуд Маматхановлар томонидан вилоят ИИБ мутасадди раҳбарлари ҳамда Ғиждувон тумани ҳокими, қатор масъуллар, маҳалла мутасаддилари ва кенг жамоатчилик иштирокида криминоген вазияти оғир дея баҳоланган туманнинг 4-секторига қарашли “Бобур” маҳалласида ўтказилди.
Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар жами 3 та ўғирлик, гиёҳвандлик воситасини сақлаш ва қотиллик каби жиноятлар содир этилган бўлиб, ушбу маҳалла “қизил маҳалла” тоифасига киритилган.
Бошқарма бошлиғи масъуллар иштирокида ўтказган муҳокама жараёнида маҳаллада содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботларини тинглади. Жиноятларнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитларни бирма-бир таҳлил қилди.
Муҳокамада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида сектор раҳбари, маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори ва бошқа мутасадди идоралар томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.
Маҳаллада келгусида оғир ва ўта оғир турдаги, айниқса оила турмуш доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш мақсадида, “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ҳудудий Ички ишлар бўлимининг тажрибали ходимларидан иборат йиғма отряд фаолиятини кенг йўлга қўйиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.