20 Январ 2024 йил 1923

Бухорода “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танлови вилоят босқичи якунланди

Бугун, 20 январь куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Республика Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий телерадиокомпания, республика маънавият ва маърифат марказининг 2023 йил 28 август кунидаги қўшма қарорига асосан ҳамкорликда ташкил этилган бу тадбирда ички ишлар бошқармаси раҳбаорияти ва вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олганлар “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда осойишта ва хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарлик содир этган ёки жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган фуқаролар билан тизимли ишлаш, ёшлар билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракат хусусида тўхталдилар.

Маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, шунингдек, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор, инспектор-психолог, йўл-патруль хизмати инспектори, пробация хизмати инспектори, сектор раҳбари ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ўртасида муросасиз кечган “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танловининг вилоят босқичида бир нечта номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Хусусан, “Энг фаол сектор раҳбари”, “Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг фаол ҳоким ёрдамчиси”, “Энг намунали хотин-қизлар фаоли”, “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор”, “Энг фаол ёшлар етакчиси” каби йўналишларда ғолибликни қўлга киритганлар тақдирланди.

“Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли учинчи ўринга Ғиждувон тумани “Пахтаобод” МФЙ ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори Жамол Шодиев лойиқ кўрилган бўлса, иккинчи ўрин Вобкент туманидаги “Чармгарон” МФЙ профилактика инспектори Жаҳонгир Артиковга насиб қилди. Ҳакамлар ҳайъати якдил қарори асосида кўрик-танловнинг вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллаган Бухоро тумани “Работиқалмоқ” МФЙ профилактика инспектори Шахобиддин Исмоилов эса нуфузли танловнинг республика босқичида вилоятимиз шаънини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорларга фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Тадбир вилоятимиз санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.

Text to speech