Бухорода очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида фаолият олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларининг жамоатчилик назорати субъектлари билан ҳамкорлик масалалари юзасидан тренинглар ўтказилмоқда
Mаълумки, бугунги кунда ички ишлар органлари халқ билан тўғридан-тўғри ишлайдиган, фаолияти очиқ ва шаффоф, жамиятнинг деярли барча жабҳаларида иштирок этадиган тизим ҳисобланади. Шундай экан, тизим ходимларининг фаолиятига жамоатчиликнинг эътибори кундан кунга ортиб бормоқда.
Айниқса кундалик хизмат фаолияти давомида аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқот ва муносабатга киришиб ишлайдиган соҳавий хизматларнинг жамоатчилик назорати субъектлари билан ҳамкорлик масалалари, бунда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Шу сабабли Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби, Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шухрат Жалолов ҳудудларда бўлиб, ходимларнинг очиқлик шароитида хизмат олиб бориш бўйича кўникмаларини ошириш мақсадида назарий ва амалий тренинглар ўтказмоқда.
Жумладан, бугун, 26 июль куни бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси аппарати, сафарбарлик гуруҳи инспекторлари билан учрашиб ходимларнинг хизмат жараёнида дуч келаётган масалалари, уларни қийнаб юрган муаммоларни ўрганди.
Жамоатчилик вакиллари билан мулоқот чоғида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича батафсил тушунтиришлар бериб, Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати томонидан тайёрланган “Ахборот маконида суиистеъмолчиликларга барҳам бериш ёхуд очиқлик шароитида хизмат олиб бориш” номли ўқув фильми намойишини ўтказди.
Мазкур тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом эттирилиши режалаштирилган.