Бухорода “Қорадори 2024” тезкор профилактик тадбирлари давомида гиёҳвандлик моддалари билан ноқонуний муомала қилишга доир яна бир нечта ҳолатлар фош этилди
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида фармойиши асосида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида "Қорадори-2024" тезкор профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Бу каби тадбирлар давомида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ўнлаб жиноятлар аниқланганлигини расмий саҳифаларимиз орқали кузатиб бормоқдасиз. Навбатдаги тезкор тадбирлар давомида ҳам бир қатор жиноий ҳолатларга чек қўйилди.
Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир вақтида Бухоро шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бир фуқарога икки дона “Спички” ёзувли гугурт қутига қадоқлаб солинган, соф вазни 0.28 граммга тенг бўлган “Гашиш” гиёҳвандлик воситаларини 600.000 сўм нақд пул эвазига сотган вақтида ушланган.
Бухоро шаҳрида ўтказилган яна бир тадбир давомида 1962 йилда туғилган фуқаро ўзи яшаб келаётган яшаш хонадони томорқасида икки туп “Каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, етиштириб келаётгани аниқланган.
Бухоро шаҳридаги учинчи ҳолатда эса 1963 йилда туғилган фуқаро ўзи яшаб келаётган Бухоро шаҳрининг Гулчорбоғ маҳалласида жойлашган яшаш хонадони томорқасида таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган 513 туп “Кўкнор”, 20 туп “Канаббис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб парваришлаб келаётганлиги ҳамда бир дона елим идиш ичида қуритилган ҳолдаги соф вазни 10,35 граммга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланган.
Бухоро шаҳрида ўтказилган тўртинчи тезкор тадбир давомида 1954 йилда туғилган шахс ўзининг яшаш хонадони ички томорқа ерида 9 туп “Каннабис” ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги аниқланган.
Бухоро шаҳрида ўтказилган навбатдаги бешинчи тадбирда 1964 йилда туғилган шахс ўзи истиқомат қилувчи Бухоро шаҳрининг Қалқон кўчасида жойлашган томорқа ерида таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган 62 туп “Каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланган.
Шофиркон туманда ўтказилган тадбир давомида эса, туманнинг Чандир маҳалласида яшовчи фуқаро ўзининг яшаш хонадони ичидаги устахонада “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Шофиркон туманидаги кейинги тадбирда туманнинг Денов маҳалласида яшовчи шахс яшаш хонадони экин ерида икки туп “Каннабис” ўсимликларини қонунга хилоф равишда етиштириб келаётганлиги аниқланган.
Вобкент тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида туманнинг Чангарон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаронинг уйи кўздан кечирилганида, у ҳовлисидаги томорқа ерининг майдонида икки туп “Каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парвариш қилиб келаётганлиги аниқланган.
Вобкент туманидаги иккинчи тезкор тадбир давомида туманнинг Мирвоши маҳалласида истиқомат қилувчи, фуқаро ўзи яшаб келаётган ҳовлининг томорқа ерида олти туп “Каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парвариш қилиб келаётганлиги аниқланган.
Когон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида эса туманнинг Геофизика маҳалласида яшовчи фуқаро яшаш хонадони томорқа ерида 8 туп “Кўкнор” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Қорадори 2024” тезкор профилактик тадбирлари давом этмоқда.