16 Октябр 2022 йил 680

Бухорода волейбол бўйича “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасининг минтақа босқичи ўтказилди

Давлатимиз раҳбарининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш ва улар саломатлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда, ходималар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар иштирокида жорий 2022 йилдан бошлаб ҳар йили спортнинг волейбол тури бўйича “Вазир кубоги” мусобақаси ўтказилиши белгиланди.

Жумладан, мазкур мусобақаларнинг учинчи яъни ҳудудлараро босқичлари бошланди. Бухоро шаҳрида Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ва Жиззах, Самарқанд, Навоий ҳамда мезбон сифатида иштирок этган Бухоро вилоятлари ИИБда хизмат қилаётган хотин-қизлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича гуруҳ баҳслари ўтказилди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ИИБ масъуллари сўз олиб, барча қатнашчиларга зафарлар тилашди.

Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ҳамда ташкилотчилар томонидан мусобақага қатнашиш мақсадида ташриф буюрган жамоалардан иборат ходималар таништирилди ва иштирокчиларга ўйин шартлари тушунтирилди. Сўнгра мусобақага старт берилди ва унда жамоалар бор куч-ғайратини ишга солиб, шиддат билан ўзаро ўйинларга киришди.

Қизғин ва муросасиз жараёнларга бой бўлган беллашувлар якунида мусобақа ғолиблари аниқланди. Бунда, фахрли биринчи ўринни эса ИИВ Қоровул қўшинларида хизмат қилаётган хотин-қизлар қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса Жиззах вилояти ИИБ ходималарига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Бухоро вилояти ИИБ вакиллари эгаллашди.

Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур мусобақалар жисмоний саломатлик ва самимий дўстлик рамзи сифатида алоҳида аҳамият касб этди.

Text to speech