Вилоят бозорларида карантин ва санитария қоидаларига қай даражада риоя қилинмоқда?
Юртимиз бозорлари деҳқонларимиз етиштирган ноз неъматларга тўла. Айни пишиқчилик ҳамда аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар захираси яратилгани ас қотяпти.
Бозорларда харидор ва сотувчилар учун бирдай қулайлик яратиш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида бир қатор манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, хўш, карантин ва санитария-гигиена талабларига ҳам риоя қилиняптими?
Худди шу мақсадда тегишли масъул идоралар ҳамкорлигида вилоятимиздаги бозорларда ҳудудида махсус санитария тадбирлари ўтказилмоқда. Мақсад, санитария гигиена қоидаларига амал қилинишини таъминлаш, тегишли ветеринария ҳужжатларисиз гўшт, сут ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари савдосининг олдини олиш ҳисобланади.
Келинг, Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан ҳамкор ташкилотлар масъуллари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган бозорларда ўтказилган карантин тадбирлари доирасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилсак.
Вилоятда жами 24 та бозор мавжуд бўлиб, Бухоро шаҳрида 3 та, Когон шаҳрида, Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку, Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон, Қоровулбозор ва Бухоро туманларида 1 тадан деҳқон бозорлари ҳамда Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку, Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон, Когон ва Бухоро туманларида 1 тадан ҳайвон (мол) бозорлари фаолият олиб бормоқда.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари ҳамда ветеринария ходимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудидаги деҳқон бозорларида жами 510 маротаба, ҳайвон (мол) бозорларида 34 маротаба, бошқа савдо объектлари ва ярмаркаларда 159 маротаба профилактик ва назорат тадбирлари ўтказилган.
Ўтказилган профилактик-назорат тадбирлари давомида 239 нафар ветеринария, санитария-қоидалари ва нормаларини бузган фуқаролар аниқланиб, уларнинг 56 нафарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 109-моддаси (Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш)га асосан ва 183 нафарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 53-моддаси (Санитария қонунчиликни бузиш)га асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Олиб борилган тадбирлар давомида жами 5365 кг истеъмолга яроқсиз (келиб чиқиши аниқ бўлмаган) гўшт, 2599 кг сут ва сут, 1908 кг балиқ, 3112 кг тузламалар, 4647 кг номаълум шароитда тайёрланган озиқ-овқат ҳамда 2403 дона тухум каби маҳсулотларининг истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланиб, савдодан олиб қўйилди ва тегишли тартибда йўқ қилиш чоралари кўрилди.
Жараёнда карантин ва санитария қоидаларини тарғиб қилиш бўйича 139 маротаба оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, савдо ходимлари билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилган.
Бироқ, олиб борилаётган санитар-профилактик тадбирлар ва тушунтириш ишларига қарамасдан жойлардаги деҳқон бозорларининг санитария аҳволи, сотувчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини турли жой ва шароитларда савдо қилиш, сотувчи ва харидорларга шарт шароитлар яратиб бериш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани таъбни хира қилади.
Шунингдек, шаҳар-туманларда қассоблар томонидан уй шароитида турли хил касалликларга чалинган ҳайвонларни яширин равишда сўйиб, гўштини аҳоли истеъмоли учун сотишга бўлган уринишларнинг учраётгани ачинарли ҳолатдир.
Шу жумладан, Бухоро шаҳар Қизилқум кўчасида яшовчи фуқаро С.Б. исмли шахс яшаш манзилида қўлбола усулда ясалган музлатгич ичида жами 543 кг. келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб гўшт маҳсулотини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, унинг истеъмолга яроқли эканлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текширувидан ўтказилганда, лабораториянинг 2023 йил 24 май кунидаги тегишли хулосасига кўра ушбу гўшт маҳсулоти истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланди ва “Сlaster Emir parranda”га қарашли ветеринария санитария чиқинди заводига топширилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 27 май куни Қоракўл тумани “Дарғали” маҳалласида яшовчи фуқаро Т.А. га тегишли бўлган музлатгич ичидан жами 153 кг келиб чиқиши номаълум ҳайвонотга мансуб гўшт лаборатория хулосаси чиққанга қадар Қоракўл туманидаги “Шофиркон Гавҳари” МЧЖга тегишли бўлган музлатгичга жойлаштирилиб, текширувлар олиб борилганда, лабораториянинг 2023 йил 1 июнь кунидаги хулосасига кўра ушбу гўшт маҳсулоти ҳам истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йилнинг 22 май кунидан 3 июнь кунига қадар Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорларининг санитария ҳолати ўрганилиб қатор камчиликлар аниқланган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан шаҳар-туманлар ҳокимларига тақдимномалар киритилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси барча фуқароларни ҳушёрликка чорлайди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва гўшт маҳсулотларини харид қилаётганда ўта эҳтиёт бўлишларини, маҳсулотларнинг яроқлилик муддати ва бошқа талабларга жавоб бериш бермаслигини синчковлик билан ўрганиб, сотувчидан маҳсулотнинг санитария меъёрларига риоя қилинган ҳолда тайёрланганлиги ва сақланаётганлигини тасдиқловчи сифат сертификатни сўрашни унутманг. Огоҳ бўлинг!