Бухоро: ички ишлар органлари тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари хизматчилари иштирокидаги семинарга мезбонлик қилди
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида педагог ходимларнинг касбий маҳорати ва фаолият самарадорлигини мунтазам ошириб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, малака ошириш тизимини «Ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосида такомиллаштириб бориш, таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Мазкур Фармон талабларининг ижроси юзасидан ички ишлар органлари тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия сифатини янги поғонага кўтариш, болаларда Ватанга муҳаббат ҳамда янгича дунёқарашни шакллантириш, ёш авлодни юртимизнинг порлоқ келажаги учун муносиб фарзанд бўлиб етишишлари, таълим-тарбия борасидаги ишларни давлат дастури асосида амалга оширилиши, барча мактабгача таълим ташкилотларида ягона тизим асосида фаолият юритилишини таъминлаш мақсадида режали ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Ички ишлар вазири генерал-майор Азиз Икрамовнинг ташаббуси билан жорий йилнинг 8-10 июнь кунлари ички ишлар органлари тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари хизматчилари учун Бухоро вилояти ИИБ тасарруфидаги "Юлдузча" номли МТТда амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда республика бўйлаб ички ишлар органлари тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотларидан 30 нафар хизматчилар ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларининг масъуллари иштирок этмоқда.
Бугун семинар иштирокчилари ушбу МТТда тарбияланувчи болажонлар ва ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишда.
Қизғин жараёнларга бой бўлган семинар ўзаро тажриба алмашинуви, фикр-мулоҳазаларни билдириш учун қулай имконият яратгани билан аҳамиятли бўлди.
Амалий семинар машғулотлари давом этмоқда.