Бухоро шаҳрида криминоген вазияти оғир маҳалла жиноятчилиги жойида муҳокама этилди
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси мутасадди раҳбарлари томонидан ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчилик ҳолати жойида муҳокама қилиб борилмоқда.
Жумладан, куни-кеча 21 октябрь куни жиноятчиликнинг навбатдаги «маҳаллабай» муҳокамаси вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев бошчилигидаги масъуллар ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Бухоро шаҳар “Ҳамид Олимжон” маҳалласида ўтказилди.
Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар жами 5 та, шундан 1 та фирибгарлик, 1 та ўғирлик, 1 та гиёҳвандлик воситасини сақлаш ҳамда 1 та оғир ва 1 та енгил тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилган бўлиб, криминоген вазияти оғир маҳалла тоифасига киритилган.
Муҳокама жараёнида маҳаллада содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди. Жиноятларнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди.
Маҳаллада келгусида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида, «хонадонбай», «оилабай» ва «фуқаробай» тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ҳудудий ИИБнинг тажрибали ходимларидан иборат йиғма отряд фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.