Бухоро шаҳрида маҳалла жиноятчилиги бошқарма бошлиғи томонидан жойида муҳокама этилди
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир, жиноятлар кўп содир этилган «қизил» тоифали маҳаллаларга бориб, жиноятчилик ҳолатини жойида муҳокама қилиб бормоқда.
Жумладан, куни-кеча жиноятчиликнинг навбатдаги “маҳаллабай” муҳокамаси Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов томонидан вилоят ИИБ мутасаддилари, шаҳар ҳокимлиги, қатор масъуллар ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Бухоро шаҳри “Отбозор” МФЙда ўтказилди.
Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар 3 та ўғирлик ҳамда 1 та шахсга қарши қаратилган жиноятлар содир этилган бўлиб, “қизил ҳудуд” тоифасига кирган ушбу маҳалладаги жиноятларнинг сабаб ва келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди.
Бошқарма бошлиғи томонидан масъуллар иштирокида ўтказилган муҳокама жараёнида маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди.
Муҳокамада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида сектор раҳбари, маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори ва бошқа масъул идоралар томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.
Маҳаллада келгусида оғир ва ўта оғир турдаги, айниқса оила турмуш доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш мақсадида, “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.