Бухоро шаҳрида ўтказилган "Меҳнат ярмаркаси"да доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро Жамоат Саломатлиги техникумида Бухоро шаҳар 2 ва 3-сектор раҳбарлари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан “Қизил тоифа”га киритилган маҳаллалар ҳудудида яшовчи ёшлар, хотин-қизлар ҳамда фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Ярмаркада Бухоро шаҳридаги 21 та корхоналар ўзларининг 697 та бўш (вакант) иш ўринлари ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларидан намуналар билан иштирок этдилар.
Ўзларига мақбул келадиган иш қидириб, келгусида ўз касблари ва мутахассисликлари бўйича маълум бир иш ўрнига эга бўлиш мақсадида меҳнат ярмаркасида иштирок этган 120 дан ортиқ ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролардан 12 нафарига бўш иш ўринларига йўлланмалар берилди.
Бундан ташқари, “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси”да иштирок этган ишсиз фуқароларнинг 10 нафари касбга қайта ўқитишга йўналтирилган бўлса, 34 нафар фуқарога меъёрий ҳужжатлар бўйича тушунтириш ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Меҳнат ярмаркаси билан бирга «Ёшлар дафтари»га киритилган 22 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуроллари топширилди.