5 Январ 2023 йил 625

Бухоро шаҳрида тезкор штаб фаолияти орқали фуқароларнинг муаммолари ҳал этилмоқда

Хабар берганимиздек, вилоят бўйлаб барча ҳудудларда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу борадаги чора-тадбирлар Бухоро шаҳрида ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда.

Бунда, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи полковник Баҳодирхўжа Шарипов ҳамда сектор раҳбарлари бошчилигидаги масъуллар иштирокида шаҳар ҳудудида жойлашган Марказий деҳқон бозоридаги озиқ-овқат ва деҳқончилик маҳсулотлари, нархларнинг барқарорлиги, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ҳамда савдо вакилларининг мавжуд муаммолари яқиндан ўрганилди.

Жумладан, 3-секторга қарашли «Олим Хўжайев», «Гулшан» ва «Б.Нақшбанд» маҳалларида "хонадонбай" тизими асосида аҳолининг мурожаатларини жойида ўрганиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда, Мустақиллик кўчасидан ўтувчи газ қувурини янгилаш ишлари ҳамда Мирдўстим ва Чўлпон кўчаларида аҳолига табиий газ етказиб бериш аҳволи билан танишилди.

Мурожаатлар ижроси юзасидан «Б.Нақшбанд» маҳалласи А.Сомий кўчасидан ўтувчи иссиқлик қувури билан боғлиқ 5 м. масофадаги носозлик бартараф этилди.

Text to speech