9 Май 2023 йил 432

Бухоро шаҳридаги Хотира майдонида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Бухоро вилояти ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва бошқармалари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, таълим муассасалари ва ёшлар жамоалари ҳарбий оркестр садолари остида хиёбонда жойлашган Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.

Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган минглаб ҳамюртларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Йиғилганлар майдондаги “Хотира китоби”ни варақлаб, ўтганлар хотирасини ёд этди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Бухоро вилоятидан фронтга отланган 73 минг 688 кишидан 30 минг нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган. Бу қадимий юрт фарзандларидан 13 нафари қаҳрамон, бир нафари эса уччала даражали “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлган. Айни вақтда эса вилоятда 7 нафар уруш қатнашчиси эъзоз-эҳтиромда умргузаронлик қилмоқда.

Бундай тадбирлар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган аждодларимизнинг жасорати, ёрқин хотираси унутилмас эканини яна бир бор ёдга солади. Бу ёш авлод қалбида ватанпарварлик, жасорат, мардлик туйғуларини юксалтириши билан янада аҳамиятлидир.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳалла ва гузарларида давом этмоқда.

Text to speech