Бухоро тумани “Работиқалмоқ” маҳалласи янгича қиёфа касб этган марказга эга бўлди
Маҳаллаларда аҳолига қулай шарт шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш тезкорлиги ва сифатини яхшилаш, аҳолининг муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш тизимини соддалаштириш ҳамда такомиллаштириш, маҳалла масъулларининг иш натижаларини кундалик мониторинг қилиб бориш, бунда замонавий ҳамда инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шу мақсадда вилоятимиз бўйлаб қатор маҳаллаларда замонавий лойиҳалар асосида маҳалла марказлари ва унинг негизида ҳуқуқ тартибот масканлари қуриб фойдаланишга топширилмоқда.
Жумладан, бугун, 29 декабрь куни Бухоро тумани “Работиқалмоқ” маҳалласида жойлашган эски таъмирталаб икки қаватли бино капитал таъмирланиб, маҳалла маркази ва “Ҳуқуқ-тартибот маскани” сифатида фойдаланишга топширилди.
Бу бинода маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, шунингдек, ташкил этилган “Ҳуқуқ-тартибот маскани”да профилактика инспектори, суриштирувчи, ҳамкорликдаги соҳавий хизматлар ходимлари, психолог ва хотин қизлар масалалари бўйича инспекторлар учун хона, сўровхона, маҳалла тарихи музейи, кутубхона, ҳуқуқий саводхонлик хонаси ва туман 2-сектор штаби учун кенг, ёруғ, замонавий ҳамда қулай хизмат хоналари ажратилган бўлиб, зарурий барча шароитлар яратилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, маҳалланинг барча аҳоли пунктлари ва қишлоқлар марказлари, овлоқ жойларида 40 дан ортиқ замонавий видеокузатув камералари ўрнатилиб, ҳуқуқ тартибот масканида жойлашган профилактика инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилинган.
Ушбу Марказнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда сектор раҳбарлари, бошқа мутасадди идоралар масъул раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Маълумот ўрнида: 10 мингга яқин аҳолига эга 1937 йилда ташкил этилган қадим тарихга эга бўлган ёки яқин ўтмишдан дарак берувчи ушбу маҳалла биноси 80 йилларда қурилган бўлиб, таъмирталаб ҳолатда келиб қолган эди.
“Работиқалмоқ” МФЙдаги узоқ йиллардан буён ўз ҳолига ташлаб қўйилган 6 гектар майдондан иборат хиёбон ҳудудида “Тадбиркорлар хиёбони” ҳам барпо этилган.
Ушбу хиёбондаги маҳалла спорт мактабининг эски бинолари ҳам замон талабларига мос равишда таъмирланди.
Бинода маҳалла фуқаролар йиғининг ўзига хос анъана ва қадриятлари, турмуш тарзини ўрганиш, тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида илк маротаба нодавлат кўринишида “Бухоро тумани маданият тарихи музейи” ташкил этилиб, Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказилди.
Маҳалла биносида шахмат тўгараги ташкил этилди.
Ушбу ҳудуд хиёбонида 80 кишини доимий иш билан таъминлаган тикув цехи янгидан барпо этилиб, 20 нафар ёшлар дафтарида бўлган ва 20 нафар аёллар дафтарида бўлган хотин-қизлар бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари вилоят тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматларни тарғиб қилувчи “Кўргазма маркази”, шунингдек, “Хизмат кўрсатиш маркази”, “Тематик хиёбонча”лар, “Ўқув маркази”, “Нуронийлар маскани” “Booк Cafe” ва ҳаммом ҳам барпо этилди.
Давлат хусусий шерикчилик асосида 180 нафар болаларни ўз бағрига олувчи замонавий боғча қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу хиёбонга олиб борувчи 4,7 км. йўлда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Маҳалла аҳолисига янги йил арафасида фойдаланишга топширилган маҳалла ва унинг таркибидаги ҳуқуқ-тартибот маскани биноси маҳалла аҳолиси учун янада қулайлик олиб келган, фуқароларнинг оғирини енгил қиладиган ҳимоя қўрғони бўлди десак муболаға бўлмайди.