16 Август 2023 йил 510

Бухоро вилояти ҳокими профилактика инспекторлари билан очиқ мулоқот ўтказди

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида белгилаб берган вазифаларнинг ижросини вилоятда самарали ташкил этиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, бу борада келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаш мақсадида Ғиждувон туманидаги мавжуд 75 та маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган профилактика инспекторлари билан учрашди. Тадбир очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими профилактика инпекторларининг аввало, шахсий ҳаёти, шунингдек, хизмат олиб бораётган ҳудудларидаги муаммо ва таклифларини бирма-бир тинглади. Ҳар бир мурожаатнинг ечими бўйича масъулларга зарурий кўрсатмалар бериб, ижросини алоҳида назоратга олди. Шу билан бирга профилактика инспекторлари олдида турган энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарурлиги таъкидланди. Жиноятчиликни маҳаллаларда жиловлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилиб, бу борадаги фаолият маҳаллалар кесимида танқидий таҳлил этилди.

Шу куни ZOOM платформаси орқали тумандаги мавжуд 75 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот қилинди.

Мулоқотда маҳаллаларда мавжуд муаммолар яна бир бор ўртага ташланиб, аввалги учрашувларда кўтарилган масалаларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Амалга оширилиши зарур бўлган муҳим ва устувор вазифалар сарҳисоб этилди. Маҳалладаги бешлик фаолиятини янада яхшилаш мақсадида жараёндаги бурч ва масъулият туйғусини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Хусусан, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш, ёшлар тарбиясида маҳалланинг ролини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жойларда тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, экстремизм ва терроризмга, одам савдосига қарши ҳушёрликни ошириш сингари долзарб масалалар хусусида атрофлича тўхталди.

Бу каби мулоқотларнинг вилоятдаги барча шаҳар-туманларда тасдиқланган график асосида ўтказилиши кўзда тутилган.

Text to speech