Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат қилаётган аёл ходималар ўртасида жанговар қуролдан “Амалий ўқ отиш” бўйича мусобақа ўтказилди
Бугун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда мардлар билан бир сафда жасоратли аёллар ҳам юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишда иштирок этишмоқда. Бу борада уларнинг жанговар тайёргарлиги ҳам мунтазам назорат қилиб борилади.
Шу боисдан ҳам Бухоро вилояти «Динамо» жисмоний тарбия жамоаларининг аёл ходимларининг жанговар тайёргарлигини ошириш ҳамда 2022 йилнинг жисмоний соғломлаштириш ва оммавий спорт тақвимий режасига асосан бугун, 17 декабрь куни вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг турли хизматларида фаолият олиб бораётган аёл ходималар ўртасида навбатдаги амалий ўқ отиш мусобақаси ташкил этилди.
Аввалига соҳа ходимларига ҳар қандай вазиятда қурол яроғдан тўғри фойдаланиш ва уларни қўллаш жараёнидаги хавфсизлик қоидаларига доир тушунчалар берилди.
Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси ўқ отиш тирида 50га яқин аёл ходималар жанговар қурол, 9 мм.ли Макаров тўппончасидан ўқ отиш бўйича мусобақада ўз натижаларини қайд этиб, ғолиблик учун беллашишди.
Шахсий биринчилик мусобақаларида фахрли 1-ўринни вилоят ДХХБ ҳамда ИИБ жамоаларидан Малика Жўраева ва Абера Наимовалар эгаллашди. 2-ўринни эса вилоят ДХХБ жамоасидан Наргиза Хусанова эгаллаган бўлса, 3-ўринга 7536-ҳарбий қисм жамоасидан Зулфия Султонова лойиқ деб топилди.
Шунингдек, мусобақада фаол иштирок этган ходималар турли номинациялар бўйича хам ғолиб деб топилиб, муносиб эътироф этилди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби жисмоний тадбирлар ходимларнинг касб малакасини ошириш баробарида уларни иродаси мустаҳкам ва жисмонан бақувват бўлишига хизмат қилади.