Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи қиш мавсумини беталафот ўтказиш борасида маҳаллабай ўрганишларини давом эттирмоқда
Бугун, 20 январь куни Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев Бухоро туманининг Шергирон маҳалласида бўлди.
Бу ерда маҳалладаги "бешлик" билан учрашиб, уларга қишнинг совуқ кунларида биринчи навбатда аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини иситиш борасида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди.
Мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаш, туманда ташкил этилган тезкор штабга йўлланаётган мурожаатларни зудлик билан ўрганиб ҳал этиш чораларини кўриш борасида зарурий кўрсатмалар берди.
Шунингдек, бозорлардаги нарх-наво, АИ-80 маркали бензин савдосининг барқарорлиги, жамоат транспортидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, яқинлари хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш зарурлиги, ҳудудлар бўйлаб белгиланган график асосида арзонлаштирилган озиқ овқат ярмаркаларини ташкил қилиш кераклиги таъкидланди.
Шундан сўнг бошқарма бошлиғи Жондор туманида бўлиб, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари ҳамда тегишли масъуллар ҳамроҳлигида туман деҳқон бозорида ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси фаолиятини ўрганиб, жараёнда нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик, санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, кундалик озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман масъулларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар бериб, ижросини алоҳида назоратга олди.
Вилоят 3-сектор раҳбари куннинг икки яримида ҳам ўрганишларини давом эттириб, "Бухоро ҳудудий Электр тармоқлари корхонаси" АЖ нинг қиш мавсумида истеъмолчиларга муқобил электр энергияси етказиб бериш жараёнини ҳам кўздан кечирди.
Бунда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари, шунингдек, ижтимоий объектларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш борасидаги мавжуд муаммолар ўрганилди.
Совуқ об-ҳаво шароитида электр энергиясидаги кузатилаётган узилишларни бартараф этиш, ҳудудларда ташкил этилган қўшимча авария тиклаш тезкор гуруҳларининг самарадорлигини ошириш борасида масъулларга кўрсатмалар берди.
Бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманлари, шунингдек, қолган барча шаҳар ва туманлар 3-секторига қарашли маҳаллалардаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.