8 Май 2023 йил 447

Бухоро вилояти ички ишлар органлари томонидан 2023 йилнинг ўтган тўрт ойи давомида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди

Бугун, жорий йилнинг 8 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, унинг қуйи тизимлари, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятларни фош этиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шахсий таркибни ўқитиш ва малакасини ошириш, тарбиялаш, ходимларни ижтимоий қўллаб қувватлаш, тизимда ижро ва хизмат интизоми ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.

Мазкур йиғилишда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоят Ички ишлар бошқармаси ташкилий бошқарма бошлиғи Азим Бозоров томонидан 2023 йилнинг тўрт ойи давомида вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, содир бўлган жиноятларни иссиқ изида фош этиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан батафсил ахборот берилди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари ва бошқа масъулларнинг ҳам ҳисоботлари тингланди.

Ҳисоботлар тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйиб келган айрим раҳбар ва ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Шунингдек, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазаларга нисбатан ўзининг тавсияларини бериб, йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб, берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариш бўйича топшириқлар берди.

Биринчи навбатда ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, хизматига ва халқига садоқатли бўлиши лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Бошқарма бошлиғи юқори ва қуйи тизим раҳбарларига, ходимларнинг оилавий шароити ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тарбиялашда устоз-мураббий анъаналарини янада кенг татбиқ этиш, ходимларни ижтимоий қўллаб қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.

2023 йилнинг кейинги даврида Бухоро вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган ташкилий тадбирлар режаси ва йўл хариталарини яна бир бор синчковлик билан кўриб чиқиб, ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифаларни белгилаб олган ҳолда ижрога қаратиш лозимлиги юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Якунда йиғилиш баёни тузилиб, ҳар бир банди ижросини таъминлаш бўйича назорат ўрнатилди.

Text to speech