6 Июн 2023 йил 514

Бухоро вилояти Ички ишлар органлари ходимларига фарзандларининг таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёз берувчи тавсиянома ва тақдимномалар топширилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида нафақат соҳа ходимларининг хизмат шароитларини яхшилаш, балки, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, ўтган давр мобайнида дастлаб профилактика инспекторларига хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида автомашиналар берилган бўлса, тизимда олиб борилган кейинги ислоҳотлар натижасида барча ички ишлар органлари ходимларини қамраб олган қатор имтиёзлар босқичма-босқич жорий этилди.

Бу борада, давлатимиз раҳбари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Қарорларига мувофиқ ички ишлар органлари ходимлари фарзандларига олий (ҳарбий) ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун имтиёз берувчи тавсиянома ҳамда тақдимномаларнинг берилиши тизим ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб қувватлашнинг ёрқин намунаси бўлди.

Хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандларига квота асосида давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий (магистратура, иккинчи ва олий ўқув юртидан кейинги таълимдан ташқари) ва ўрта махсус таълим муассасаларига Вазирлик томонидан бериладиган тавсиянома (тақдимнома) асосида ўқишга кириши белгилаб қўйилган.

Маълумот ўрнида: тавсиянома фуқаролик олий ва ўрта махсус таълим муассасалари учун, тақдимнома ҳарбий билим юртлари учун берилади.

Бугун, 6 июнь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтказилган тадбирда бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов томонидан мазкур ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, Ички ишлар вазирлигининг буйруғига асосан хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган жами 92 нафар ходимнинг 95 нафар фарзандига олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёз берувчи тавсиянома ва тақдимномалар тантанали равишда топширилди.

Тинчлик посбонлари ва уларнинг фарзандларига қаратилаётган бу каби юксак эътибор, уларнинг ватанга садоқати ва хизматга бўлган шижоатини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Text to speech