Бухоро вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималар ўртасида «Фидойи аёл ходима» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди
Ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган шаҳодатланган аёл ходималарнинг касбий билим ва малакаларини ошириб боришни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида бугун, 20 февраль куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг таркибий тузилмаларида хизмат қилаётган хотин-қизлар ўртасида «Фидойи аёл ходима» кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги тегишли қарорига мувофиқ ички ишлар органларида хизмат фаолиятини олиб бориб, муайян ютуқларга эришиб келаётган аёл ходималарни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда ўз касбининг билимдонлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсад қилингани билан аҳамиятлидир.
Танлов 3 босқичда, яъни: жанговар қуролни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, «Макаров» тўппончасидан ўқ отиш; спортнинг минг метрга югуриш ва комплекс машқларни бажариш; шунингдек, соҳавий хизмат, маънавий-маърифий, жанговар ва хизмат тайёргарлиги бўйича 50 та саволдан таркиб топган тест синовларидан иборат бўлди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иштирокчининг маҳорати синчковлик ва холислик билан баҳолаб борилди.
Беллашув ўзаро соғлом рақобат, қизиқарли ва ҳаяжонли жараёнларга бой бўлди.
Танлов якунида иштирокчилар орасидан яққол устунлик ва фаоллик кўрсатган ходималар ғолиб деб топилди.
Якуний натижаларга кўра 3-ўринни Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходими сержант Махсума Адизова, 2-ўринни Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ходими лейтенант Дурдона Воҳидовалар қўлга киритган бўлса, фахрли 1-ўринни Патрул-пост хизмати батальони ходимаси сафдор Зарнигор Муродова эгаллаб, танловнинг республика босқичига бериладиган йўлланмани қўлга киритди.