13 Январ 2023 йил 394

Бухоро вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималар ўртасида камондан отиш спорт тури бўйича мусобақа ўтказилди

От спорти ҳар доим нафислиги билан ўз ихлосмандларини ҳайратлантириб келган. Чиндан ҳам ушбу ақлли жониворнинг чиройи ва ҳаракатлари барчага бирдек манзур бўлади.

Шунингдек, аниқлик ва пухталикни талаб қиладиган камондан отиш спорт тури ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари орасида моҳир мерганларни саралашда муҳим саналади.

Шу ўринда, “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан Миллий Гвардия Бухоро вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда Бухоро туманида жойлашган “Жалолиддин Мангуберди” чавандозлар мактабида ёшлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун от пойгаси ва ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималар ўртасида камондан ўқ отиш бўйича спорт мусобақалари ташкил этилди.

Мусобақанинг очилиш маросимида ташкилотчилар томонидан мамлакатимизда сўнгги йилларда мазкур спорт турига алоҳида эътибор қаратилаётгани борасида сўз юритилди.

Камондан ўқ отиш машқлари аввалига соҳа ходимлари учун бироз мураккаб ва хавфли туйилди. Мутахассислар томонидан берилган керакли маслаҳатлар, иштирокчиларнинг ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлаб, кейинги уринишларда қўл келди. Натижалар ҳам аста-секинлик билан яхшиланиб борди.

Ташкил этилган ушбу мусобақа қизғин ва байрамона кайфиятда ўтиб, юқори иштиёқ ва ажойиб таассуротларга бой бўлгани билан ажралиб турди.

Мусобақа жараёнларида 50 нафарга яқин аёл ходималар ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Беллашувларда ўз мерганликларини намоён этган соҳа вакиллари муносиб эътироф этилди.

Жумладан, фахрли 1-ўринни: Махсума Адизова; 2-ўринни: Фарангиз Умурзоқова; 3-ўринни: Шахноза Ибодова ва Шахло Рахматовалар эгаллаган бўлса, беллашувларда юқори натижа ва фаоллик кўрсатгани учун Раъно Қудратова, Дилноза Комилова ва Моҳинисо Неъматовалар турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.

Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилиб, тантанали равишда тақдирланди.

Text to speech