Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Бухоро шаҳрида ўрганиш ишларини олиб борди
Бугун 2 март куни Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов "маҳаллабай" тизими асосида аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, криминоген вазиятга таъсир этувчи бошқа ижтимоий-маиший муаммоларни бартараф этиш борасида Бухоро шаҳрида ўрганишлар олиб борди.
Дастлаб Бухоро шаҳар 3-сектор ҳудудида жойлашган "Жўбор" маҳалласи фаолияти билан яқиндан танишилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Жараёнда, бошқарма бошлиғи аҳоли муаммоларига ечим топиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириб, жиноятларни олдини олиш борасида маҳалла масъулларига ўз тавсияларини берди.
"Жўбор" маҳалласи Султон Жўра кўчасида яшовчи "Темир дафтар" рўйхатида киритилган, Раъно Козимова хонадонида бўлган бошқарма бошлиғи масъул раҳбарлар ҳамроҳлигида уни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди.
Бухоро шаҳрининг А.Мушфиқий кўчасида яшовчи "ёшлар дафтари" рўйхатида бўлган Маъмура Кенжаеванинг Ички ишлар бошқармаси бошлиғи билан бўлган учрашуви ҳам самарали бўлиб, кўпдан бери гўзаллик салони очиб тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида бўлган бу ёшнинг орзуси шу ернинг ўзида ушалди. У "Ёшлар дафтари" да рўйхатда турувчи фуқароларга тақдим этиладиган имтиёз сабаб ўз тадбиркорлигини бошлайдиган бўлди.
Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи бошчилигидаги масъуллар 33-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлиб, бу ерда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди.
Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимовнинг "маҳаллабай" ўрганишлари давом этттирилади.