4 Март 2023 йил 557

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимовнинг ўрганишлари давом этмоқда

Бугун, 4 март куни Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ фаолияти билан танишди.

Бу ерда йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилиши, тирбандликнинг ҳосил бўлишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, йўл ҳаракати қоидабузарликларининг профилактикаси тизимини такомиллаштириш, йўлларнинг ўтказувчанлиги ва йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари ҳамда бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш, бунда белгилаб берилган стандарт талабларига риоя этилишини таъминлаш, ёшларнинг йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ билимларини ошириш, уларда хавфсиз ва қонунга итоат қилиш хулқ-атвори кўникмаларини шакллантириш, тизимнинг хизмат кўрсатиш соҳасида фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилларини назарда тутувчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Бошқарма бошлиғи ҳозирги кунда бутун дунёда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлаб, маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хориж тажрибалари асосида янги инновацион лойиҳаларни татбиқ этиш зарурлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, бошқарма бошлиғи йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ходимларининг хизмат вазифаларини лозим даражада бажарилиши устидан назоратни кучайтириш, улар орасида коррупция ва ваколатни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш борасида ҳам масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг бошлиқ вилоятда ёшлар, вояга етмаганлар, хотин қизлар ҳамда муқаддам судланганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги амалга оширилаётган ишларни танқидий-таҳлилий муҳокама қилди.

Муҳокамада вилоят ИИБ ХПБ ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда ёшлар, вояга етмаганлар, хотин-қизлар ҳамда муқаддам судланганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлари ва келгусидаги вазифалари юзасидан ҳисоботи тингланди.

Содир этилган ҳар бир жиноят таҳлил қилиниб, соҳа мутахассисларига галдаги вазифалар юзасидан аниқ ва бажариш муддатлари белгиланган кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Бухоро вилоятининг тарихий обидаларига йилига миллионлаб хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар ташриф буюради. Шундан келиб чиқиб хавфсиз туризмни таъминлаш масаласи ҳам муҳим масалалар сирасига киради.

Бухоро вилоятида сайёҳлик намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида тезкор вазиятни тизимли таҳлил қилиш, содир этилган ҳуқуқбузарликлар сабаблари ва шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ИИБ болиғи полковник Миржамол Миралимов Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси фаолиятини ҳам ўрганди.

Жараёнда вилоятнинг туристик салоҳияти, қолаверса, сайёҳлар оқимининг кўплиги, уларга алоҳида эътибор қаратиш зарурати инобатга олиниб, сайёҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилинишини мувофиқлаштириш, уларнинг мурожаатларини тезкор ва сифатли кўриб чиқилиши борасида тегишли кўрсатмалар берилди.

Бу каби ўрганишлар давом этмоқда.

Text to speech