21 Январ 2023 йил 579

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг аномал совуқ кунларини беталафот ўтказиш борасида ўрганишлари давом этмоқда

Бугун, 21 январь куни вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев ҳамда ДСБ бошлиғи Мақсуд Маматхановлар қишнинг совуқ кунларида биринчи навбатда аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини иситиш, тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш мақсадида вилоятнинг 3-секторига қарашли Шофиркон туманида бўлишди.

Дастлаб туманнинг 50 дан ортиқ ишбилармонлари билан учрашиб, совуқ об-ҳаво оқибатида улар фаолиятида юзага келган муаммолар ўрганилиб, ечимини топиш юзасидан чора тадбирлар белгилаб олинди.

Жараёнда об-ҳавонинг совуқ кунларида ҳам туман иқтисодиётига муҳим ҳисса қўшаётган тадбиркорлик объектларининг бир маромда фаолият юритишини таъминлаш борасида барча чоралар кўрилиши таъкидланди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида ташкил этилиб, тадбиркорларга ажратилган кредитларнинг имтиёзли даврини узайтириш, электр-энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Масъулларнинг кейинги манзили "Ҳудудгаз Бухоро" газ таъминоти филиали бўлди. Бу ерда корхонанинг қиш мавсумида истеъмолчиларни муқобил газ таъминоти билан таъминлаш жараёни кўздан кечирилди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари, шунингдек, ижтимоий объектларни табиий ҳамда суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш борасидаги мавжуд муаммолар ҳам ўрганилди.

Совуқ об-ҳаво шароитида газ таъминотида кузатилаётган узилишларни бартараф этиш, ҳудудларда ташкил этилган қўшимча авария тиклаш тезкор гуруҳларининг самарадорлигини ошириш борасида масъулларга кўрсатмалар берди.

Шунингдек мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаш, ҳудудларда ташкил этилган тезкор штабга йўлланаётган мурожаатларни зудлик билан ўрганиб ҳал этиш чораларини кўриш борасида топшириқлар берилди.

Хабарингиз бор, Бухоро вилоятидаги барча таълим муассасалари расман 23 январьдан анъанавий ўқитиш фаолиятини бошлайди. Қишнинг аёзли кунларида фарзандларимизнинг сифатли билим олиши, соғ-саломат бўлиши, таълим муассасаларининг иссиқлик билан қай даражада таъминланганлигига боғлиқ.

Шунга мувофиқ масъуллар куннинг иккинчи яримида Бухоро шаҳрида жойлашган 5 ва 6 умумий ўрта таълим мактабларининг иссиқлик таъминоти тизимларини кўздан кечирилди.

Ўрганишлар давомида таълим муассасаларининг иситиш тизимида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли ишлар бошлаб юборилди.

Бу каби ўрганишлар давом этмоқда.

Text to speech