14 Июл 2023 йил 430

Бухоро вилояти ИИБ Даволаш профилактика муассасалари Тиббиёт бўлими ходимлари ўртасида “Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди

Бугун, 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2022 йил 29 август кунидаги тегишли буйруғи асосида Бухоро вилояти ИИБ Даволаш профилактика муассасалари Тиббиёт бўлими ходимлари ўртасида “Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси” республика кўрик танловининг ҳудудий босқичи ташкил этилди.

“Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси” кўрик танловида вилоят ИИБ Даволаш профилактика муассасалари тиббиёт бўлими ўрта тиббий ходимларидан билимли, касбий малакаси, шахсий сифатлари билан ажралиб турадиган, меҳнат фаолияти давомида бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган 6 нафар ҳамширалар беллашди.

Тиббиёт ходимларни маънавий рағбатлантириш, ўз касбининг етук мутахассисларини аниқлаш ва уларни эътироф этиш, касбий тайёргарлик даражасини юксалтириш, беморлар билан мулоқотда маданиятини мустаҳкамлаш, интеллектуал ва профессионал салоҳиятини ошириш, уларда ташаббускорлик, етакчилик фазилатларини ривожлантириш мақсад қилинган ушбу танлов иштирокчилари 4 та шарт асосида ўз билим ва маҳоратларини намоён қилдилар.

Дастлабки “таништирув” шартини бажариб, сўнгра саволларга жавоб бериш орқали соҳавий, маънавий-маърифий, ҳуқуқий саводхонлиги, иш фаолиятида қўлланиладиган вазифаларни амалий бажариши орқали билим даражалари синовдан ўтказилди. “Эркин мавзу” шартида эса ҳамширалар иқтидор ва истеъдодларини намоён этди. Ҳар бир шартнинг бажарилиши ҳакамлар томонидан адолатли ва шаффоф баҳолаб борилди.

Кўрик-танлов якуний натижаларга кўра, фахрли биринчи ўринни Мадина Қодирова, иккинчи ўринни Нигина Очилова ва учинчи ўринни Азиза Музаффаровалар эгаллаган бўлсалар, яна 3 нафар тиббий ҳамширалар фаол иштироки учун алоҳида эътироф этилди.

Бундан ташқари, биринчи ўрин соҳибасига кўрик танловнинг республика босқичига қатнашиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.

Танлов ғолиблари вилоят Ички ишлар бошқармасининг диплом, қимматбаҳо совғалар ва пул мукофоти билан тақдирланди.

Text to speech