25 Феврал 2023 йил 684

Бухоро вилояти ИИБ томонидан Жондор Қоракўл, Олот тумани Ички ишлар бўлимлар ва унинг қуйи тизимлари фаолиятига доир навбатдаги пресс-тур ташкил этилди

Ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчилик эътиборига етказиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирлар, соҳага тааллуқли муаммоли саволларга ойдинлик киритиш ҳамда тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида бугун, 25 февраль куни “Бошлиқ билан бир кун” лойиҳаси доирасида Жондор, Қоракўл ва Олот туманлари ИИБ бошлиқларининг кундалик иш фаолияти, бўлим ҳамда унинг қуйи тизимларида аҳоли ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишга доир Пресс-тур ташкил этилди.

Дастлабки манзил Жондор тумани. Бу ерда Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Жамол Жавкашов аҳоли ва ходимлар учун яратилган шароитлар ҳамда соҳавий хизматлар ходимларининг хизмат фаолияти билан яқиндан таништирди. Туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракатини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар борасида маълумотлар берилди. Шундан сўнг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда Пробация гуруҳлари ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмасида бўлган пресс-тур иштирокчилари аҳоли ва ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишишди. Пресс-тур «Қозикент» маҳалласи ҳудудида жойлашган 2-сонли Ички ишлар бўлимида давом этди. Бунда, суткалик нарядга жалб қилинган ходимлар иштирокида навбатчиликни қабул қилиш юзасидан йўриқномаси ўтказилиб, саф рўйхати асосида ходимларнинг хизматга келиб кетишлари, ҳудудда жиноятчиликнинг аҳволи ҳамда сутка давомида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик ҳолатлари юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.

Навбатдаги манзил вилоятнинг илму-зиё маскани бўлмиш Қоракўл тумани. Пресс-тур иштирокчиларини бу ерда Туман ИИБ бўлими бошлиғи подполковник Жамшид Расулов қарши олди. Шундан сўнг ходимлар ва фуқаролар учун яратилган шароитлар, қабулхона ҳамда тергов ва суриштирув хоналари иш тартиби, у ердаги инновацион технологияларнинг ишлаш тартиблари билан иштирокчилар таништирилди. Шундан сўнг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари, Спорт зал ва криминалистик ўқув полигонида ходимлар учун яратилган шароитлар, ходимларнинг малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ўқув машғулотлари борасида маълумотлар берилди.

Олот тумани вилоятимизнинг энг чекка ҳамда чегарадош ҳудуди ҳисобланади. Бу ерда Пресс-тур иштирокчиларига Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Жамшид Тангриев томонидан аҳоли ва ходимлар учун яратилган шароитлар ҳамда соҳавий хизматлар ходимларининг хизмат фаолияти, шунингдек бўлимдаги видео кузатув маркази орқали аниқланаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот берилди.

ОАВ вакиллари журналист ва мустақил блогерлар ҳамда вилоят “Келажак лидерлари” клуби аъзолари иштирокида ўтказилган мазкур пресс-тур давомида ички ишлар бўлимларининг иш фаолияти билан танишиш билан бир қаторда, иштирокчилар соҳа ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам батафсил жавоблар олишди.

Хулоса қилиб айтганда, пресс-тур мобайнида Жондор, Қоракўл, Олот тумани ИББ лар фаолияти мисолида халқимиз осойишталиги йўлида куну-тун садоқат билан хизмат қилаётган тизим ходимлари томонидан барча соҳавий хизматларда олиб борилаётган кўламли ишлар кенг жамоатчиликка яқиндан таништирилди. Қизғин ва самарали кечган мазкур пресс-тур иштирокчиларига ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдирилиб, Бошқарма бошлиғи номидан эсдалик совғалари тақдим этилди.

Text to speech