Бухоро вилояти ИИБ томонидан Ромитан ва Пешку туман Ички ишлар бўлимлари ва унинг қуйи тизимлари фаолиятига доир навбатдаги пресс-тур ташкил этилди
Ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчилик эътиборига етказиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирлар, соҳага тааллуқли муаммоли саволларга ойдинлик киритиш ҳамда тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида бугун, 6 май куни “Бошлиқ билан бир кун” лойиҳаси доирасида Ромитан ва Пешку туманлари ИИБ бошлиқларининг кундалик иш фаолияти, бўлим ҳамда унинг қуйи тизимларида аҳоли ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишга доир навбатдаги Пресс-тур ташкил этилди.
Дастлабки манзил Ромитан тумани бўлди. Бу ерда Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Шахоб Ҳайитов аҳоли ва ходимлар учун яратилган шароитлар ҳамда соҳавий хизматлар ходимларининг хизмат фаолияти билан яқиндан таништирди. Туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракатини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар борасида маълумотлар берилди.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси ҳамда вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида бўлган пресс-тур иштирокчилари аҳоли ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Пресс-тур туман 3-сектор ҳудудига қарашли «Афросиёб» МФЙда давом этиб, унда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида қабул қилинган 10-сонли қўшма қарор ижроси юзасидан маҳалладаги «бешлик» вакиллари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишилди.
Шундан сўнг вилоятимизнинг чекка ҳудудларидан саналган Пешку тумани томон йўл олинди. Бу ерда пресс тур иштирокчиларини Туман ИИБ бошлиғи подполковник Абдуҳалил Носиров қарши олди. Суткалик нарядга жалб қилинган ходимлар иштирокида навбатчиликни қабул қилиш юзасидан йўриқномаси ўтказилиб, саф рўйхати асосида ходимларнинг хизматга келиб кетишлари, ҳудудда жиноятчиликнинг аҳволи ҳамда сутка давомида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик ҳолатлари юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Медиа тур иштирокчилари ходимлар ва фуқаролар учун яратилган шароитлар, соҳавий хизматлар ходимларининг хизмат фаолияти, қабулхона ҳамда тергов ва суриштирув хоналари, у ердаги инновацион технологияларнинг ишлаш тартиблари билан таништирилди.
Сўнгра миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари, Спорт майдончаси, ходимлар учун яратилган шароитлар, ходимларнинг билим ва малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ўқув машғулотлари борасида маълумотлар берилди.
ОАВ вакиллари журналист ва мустақил блогерлар иштирокида ўтказилган мазкур пресс-тур давомида ички ишлар бўлимларининг иш фаолияти билан танишиш баробарида иштирокчилар соҳа ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам батафсил жавоблар олишди.
Хулоса қилиб айтганда, пресс-тур мобайнида Ромитан ва Пешку тумани ИИБлар фаолияти мисолида халқимиз осойишталиги йўлида куну-тун садоқат билан хизмат қилаётган тизим ходимлари томонидан барча соҳавий хизматларда олиб борилаётган кўламли ишлар кенг жамоатчиликка яқиндан таништирилди. Қизғин ва самарали кечган мазкур пресс-тур иштирокчиларига ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.