Бухоро вилояти ИИБда жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ўрганиш натижаларига бағишланган муҳокама йиғилиши ўтказилди
Бугун, 4 ноябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси мажлислар залида, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, Ички ишлар бўлим ва бўлинма бошлиқлари ва масъул ходимлар иштирокида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев олиб бориб, жорий йилнинг 31 октябрь куни тасдиқланган режа-топшириқ асосида вилоятнинг Когон шаҳар ҳамда Когон ва Пешку туманлари ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари фаолияти, раҳбар ва масъул ходимларнинг жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ташаббускорлигини комплекс ўрганиш натижалари, бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар танқидий муҳокама қилинди.
Кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан шаҳар ва туманларга вилоят ички ишлар бошқармасидан масъул этиб бириктирилган бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, Жиноят қидирув, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жамоат тартибини сақлаш ва Ташкилий бошқармалар раҳбар ва масъул ходимлари, шаҳар ва туманлар ички ишлар органларининг бошлиқлари ва тегишли соҳавий хизматлар ходимлари қаттиқ огоҳлантирилиб, иш кўрсатгичлари паст бўлган, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашмаган бир қатор ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилган бўлса, самарали иш олиб борган ходимларни рағбатлантириш юзасидан таклифлар киритилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ ва манзилли топшириқлар берилди ва ижроси алоҳида назоратга олинди.
Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан барча соҳавий хизматлар, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбар ва масъул ходимлари охирги маротаба қаттиқ огоҳлантирилиб, ижрочилик интизомига қатъий риоя қилишлари, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этишлари лозимлиги, зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббус кўрсатиб, қўл остидаги ходимларга шахсий намуна кўрсатган ҳолда хизматни ташкил этишлари талаб қилинди.