Бухоро вилояти ИИБда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда бошқарма раҳбарияти, шахсий таркиб ҳамда фахрийлар иштирок этдилар.
Тадбир бошида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янграганидан сўнг, бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг табрик сўзини ўқиб эшиттирди.
Бунда, мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари бош қомусимиз ҳисобланган — Конституцияда мустаҳкам белгилаб берилганлиги, юртимизда барча ислоҳотлар «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил асосида амалга оширилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган туб ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида босқичма-босқич ўтказилаётган ислоҳотлар айнан бош қомусимизнинг асосий принцип ва қоидалари негизида амалга оширилаётгани таъкидланди.
Маълумки, ўтган даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгариб, эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланиб улгурган.
Бу эса, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини ортишига, турмуш тарзининг яхшиланишига, ҳудудларда тинчлик ва осойишталикнинг таъминлашига хизмат қилмоқда.
Конституция куни муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони таъсис этилиб, бугун мазкур мукофот билан ҳар бир соҳа вакиллари каби вилоятимиз ички ишлар органларининг ҳам 49 нафар ходим ҳамда фахрийси муносиб тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси куч тузилмаларидаги ҳарбий хизматчи аёллар ўртасида “Ватан меҳри юрагимда” шиори остида ўтказилган “Тўмарис издошлари - 2022” танловидаги муваффақиятли иштироки учун 2 нафар аёл ходималарга бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг “Ташаккурнома”си ўқиб эълон қилинди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ 2 нафар ходимга навбатдаги «подполковник» ҳамда 1 нафар ходимга «майор» ва 1 нафарига «лейтенант» махсус унвонлари тантанали равишда топширилди.
Тадбир кўтаринки руҳда ўтказилиб, шахсий таркиб ва соҳа фахрийларининг эътирофига сазовор бўлди.