5 Ноябр 2022 йил 818

Бухоро вилояти ИИБда навбатдаги маънавият ва маърифат дарси ўтказилди

Бугун, 5 ноябрь куни Бухоро вилояти ИИБ аппарати шахсий таркиби билан “Ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик тинчлик гарови” мавзусида навбатдаги маънавия ва маърифат дарси ўтказилди.

Мавзу юзасидан Бухоро давлат университети Филология факультети доценти, филология фанлари доктори Лайло Шарипова томонидан маъруза қилиниб, ходимларга батафсил маълумотлар берилди.

Бунда асосий эътибор шахсий таркиб ўртасида бағрикенглик, инсонпарварлик хислатларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатликни, тенг ҳуқуқ ва эркинликлар бериш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги борасида сўз юритилди.

Шу куни Бухоро вилояти ИИБда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририяти томонидан чоп этилган “Кадрлар хизмати фидойилари” номли китоб тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига кўра кўплаб соҳа ходимларининг уй-жой сотиб олишига моддий жиҳатдан кўмак кўрсатилаётгани боис, Бухоро вилояти ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида хизмат қилаётган 22 нафар ходимларига ҳам ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиши учун уй қийматининг 25 фоизи миқдорида дастлабки бадал тўловлари ажратилган бўлиб, тадбир давомида ходимларнинг оила аъзоларига махсус сертификатлар тантанали топширилди.

Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Умид Утаев дастлабки бадал тўловлари ажратилган барча ходимларни, уларнинг ота-оналари ва фарзандларини самимий қутлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ички ишлар органларида хизматни ўташ тўғрисидаги Низомнинг тегишли бандига мувофиқ 5 нафар ходимлар навбатдаги “подполковник” ва “лейтенант” махсус унвонлари билан тақдирланди.

Text to speech