10 Ноябр 2022 йил 831

Бухоро вилояти ИИБда навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида бугун, 10 ноябрь куни жорий йилнинг 10 ойи давомида Бухоро вилояти ИИБ ва унинг қуйи тизимларида кадрлар билан ишлаш, ходимларнинг касбий ва жанговар тайёргарлигини ошириш, ички ишлар органлари ва таълим муассасаларига ишга ҳамда ўқишга номзодларни қабул қилиш тартиби, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, соҳага доир қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси, тизим фаолиятидаги муаммоли саволларга ойдинлик киритиш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманини бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шуҳрат Жалолов очиб бериб, иштирокчиларни кун тартиби билан таништирди.

Шундан сўнг, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Маънавий маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи подполковник Умид Утаев анжуман кун тартибидаги масала бўйича батафсил маълумот берди.

Бунда, тизимда амалга оширилган чора-тадбирлар, ички ишлар органлари ходимларининг ижобий имижини ошириш, уларни “Халқ манфаатларига хизмат қиладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, ички ишлар органларида хизмат фаолиятини олиб бораётган ходимлар учун яратиб берилган ижтимоий ҳимоя тизими, жумладан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини даволаниши учун пул таъминоти, санаторий ва бошқа тиббий муассасаларда даволаниш ва дам олиш, уй-жойга эга бўлиш ёки яшаш шароитини яхшилаш, моддий ёрдам бериш, ходимларнинг фарзандларига давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун беш фоизли квота ажратилганлиги, хизматда самарали натижаларга эришган ходимларга енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш қарз бериш, бир марталик пул бериш ҳамда соҳада белгиланган вазифалар, тарбиявий ва тарғибот-ташвиқот ишлари, психологик ва ижтимоий-ҳуқуқий фаолиятлар, маданий тадбирлар йўналишида олиб борилаётган кўламли чора-тадбирлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Таклиф ва мулоҳазалар билан бой ўтган матбуот анжуманида иштирок этган ОАВ вакиллари, журналист ва мустақил блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

Text to speech