Бухоро вилоятининг 3-секторига қарашли ҳудудларда "маҳаллабай" тамойил ҳамда "хонадонбай" тизим асосида аҳолининг ижтимоий муаммолари ҳал этилмоқда
Бугунги кунда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги 3-сектор ишчи гуруҳи, секторга қарашли туманлар, шунингдек, вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари 3-секторларига қарашли маҳаллаларда "маҳаллабай" тамойил ҳамда "хонадонбай" тизим асосида аҳоли муаммоларини ўрганмоқда.
Бунда асосий эътибор ҳудудларда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, айниқса аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, кўмир етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, аниқланган муаммолар ва фуқароларнинг таклифларидан келиб чиқиб мавсум давомида электр энергияси ва табиий газ ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича тарғибот тадбирларига қаратилмоқда.
Шофиркон туманида истиқомат қилувчи аҳолининг ечимини кутаётган муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни ижобий ҳал этиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари ҳамда вилоятнинг қатор мутасадди идора ва ташкилотлари вакилларидан таркиб топган гуруҳлар туманнинг 3-секторига қарашли маҳаллаларида уйма-уй юриб, "хонадонбай" тизим асосида ҳар-бир хонадоннинг шароити билан танишиб, аҳоли муаммолари, жумладан табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ масалаларини бартараф этмоқдалар.
Қўшимча муддат талаб этиладиган масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича кучайтирилган тартибда иш режими ташкиллаштирилган.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилот ва идораларнинг қўшимча куч ва воситалари жалб қилинмоқда.
Бу каби ўрганиш ишлари тасдиқланган график асосида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилади.