Бухоро вилоятининг жиноятлар салмоғи юқори бўлган, “қизил” тоифага кирган маҳалллаларида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларнинг самарадорлиги бошқарма бошлиғи томонидан жойига чиқиб ўрганилди
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика идоралараро ишчи гуруҳи 2022 йилнинг 14-17 октябрь кунлари Бухоро вилоятида ўрганишлар ўтказиб, 17 октябрь куни текширув якунлари ҳамда Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифалар ижроси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, шунингдек, жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказиб, қатор вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида Фармойиши ишлаб чиқилиб, ҳар бир йўналиш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ва манзилли йўл хариталари ишлаб чиқилиб ижрога қаратилди.
Белгилаб берилган вазифалардан бири бўлган вилоят миқёсида жиноятлар сони ошган, криминоген вазияти ёмонлашган 17 та “қизил” тоифадаги маҳаллалар алоҳида ажратиб олиниб, ушбу маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олишнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олиниб, алоҳида йўл хариталари ишлаб чиқилиб, вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ички ишлар органларининг малака ва юқори тажрибага эга бўлган раҳбар ходимлари профилактик инспекторига кўмакчи сифатида бириктирилди ва манзилли ишлар олиб борилди.
2022 йил 7 ноябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев ушбу 17 та алоҳида ажратиб олинган криминоген вазияти оғир маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг кўламли профилактик ишлар самарадорлигини кўздан кечириш мақсадида Бухоро шаҳрининг “Олим Хўжаев” ва “Шейхон” маҳаллаларида бўлиб, ушбу маҳаллаларда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Бухоро шаҳар ИИО ФМБнинг раҳбар ходимларидан бириктирилган масъуллар ҳамда мазкур маҳаллалар бешлигининг ҳамкорликдаги амалга оширган ишларини ўрганиб, танқидий муҳокама қилди.
Ўрганиш давомида бошқарма бошлиғи ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, масъул раҳбарлар ва маҳаллалар бешлигига жиноятларни жиловлаш, профилактик ишларни манзилли ташкил этиш юзасидан ўзининг қатор кўрсатма ва топшириқларини берди.
Жараёнда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллалар биноси олдида дарахт кўчатлари экилди.
Ўрганиш ишлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида белгиланган график асосида давом этади.