8 Август 2022 йил 772

Бухоро: Хотин-қизлар жиноятчилигини олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда

Аёл — жамият гултожи, оила фариштаси. У гўзаллик, нафосат ва садоқат рамзидир. У меҳр-оқибатлилик, фидойилик, ҳалоллик каби фазилатларни фарзанди онгу шуурига сингдирадиган она. Аммо, минг афсуски, бундай юксак рутбага барча аёлларимиз бирдай муносиб бўлишмаяпти.

Онасини фаришта сифатида кўриб, унга ўхшашни орзу қилиб юрган фарзанд волидасининг ўғри ёки қотил эканини билгач ёки панжара ортида ўтирган онани кўрган фарзанд қай аҳволга тушишини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз?

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, инсоннинг ҳуқуқбузар ёки жиноятчи бўлишига унинг олган тарбияси, оилавий ва ташқи муҳит, муносабат ўрнатган кишиларининг қарашлари ва жамиятда тутган ўринлари ҳам таъсир кўрсатса, ачинарлиси, баъзида ўз ҳуқуқларини яхши билмасликдан жиноятга қўл урадиганлар ҳам бор. Юртбошимиз таъкидлаганидек, бу каби жиноятларнинг асосий сабаби фуқаролик муносабатларини қонун доирасида амалга оширмасликка бориб тақалади.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, Бухоро вилоятида ҳам аҳоли айниқса хотин-қизлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлигини барвақт олдини олишга доир кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, вилоят Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи подполковник Дилфуза Шаропова ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва Когон шаҳар ҳокимлиги, маҳалла масъуллари иштирокида Когон шаҳар “Темирйўлчилар” маҳалласи Темирйўлчи ва Умид кўчаларидаги умумий ҳовлилардаги 30 яқин хонадонларда истиқомат қилувчи аҳоли орасида “Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мақсадида навбатдаги профилактик тарғибот ишлари олиб борилди.

Бунда, аҳоли орасида оила турмуш доирасида ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар олиб борилиши лозим бўлган профилактик ишлар ва ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, нотинч оилалар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш ҳамда турли салбий иллатларга қарши курашишга доир сўз юритилди. Тазйиқ  ва зўравонликка учраган хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” бериш тартиби тушунтирилди.

Шунингдек, ҳудуд аҳолиси айниқса, хотин-қизларнинг мавжуд муаммолари жойида ўрганилиб, уларни манзилли бартараф этиш чоралари кўрилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг кўрки бўлган аёлнинг нозик қўлларига кишан эмас, гул, қалбига эса ёвузлик эмас, эзгулик ярашади. Унинг тилларидан пушаймонлик, афсус ноласи эмас, бахтдан, толедан куйлайдиган аллалар янграши учун эса аёллар қонунбузарлигининг олдини олиш фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки тегишли ташкилотларнинггина эмас, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши лозим.

Text to speech