Бухорода газдан ноқонуний фойдаланган автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фош этилди
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда “Sadbarg” хусусий корхонасига қарашли “Sadbarg-1” ва “Sadbarg-3” автомобилларга газ тўлдириш компрессор шоҳобчаларида ўрганиш ишлари ўтказилган.
Ўрганиш давомида, “Sadbarg” хусусий корхонасига қарашли “Sadbarg-3” АГТКШда ўрнатилган “Avtopilot PRO” электрон газ ҳисоблагичга ўрнатилган бир марталик тамғани боғловчи симлар узилганлиги ҳамда ўлчов тармоғида ўрнатилган торайтирувчи қурилмаларнинг максимал газ ўлчаш чегараси шохобчада ўрнатилган компрессор қурилмасидан кам эканлиги аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилган.
Худди шундай, корхонага қарашли “Sadbarg-1” АГТКШ саноат тармоғида ўрнатилган торайтирувчи қурилмаларнинг максимал газ ўлчаш чегараси шохобчада ўрнатилган компрессор қурилмасидан паст эканлиги аниқланган.
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд – экспертиза маркази Навоий вилояти бўлими томонидан тақдим қилинган хулосага кўра “Sadbarg” хусусий корхонаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги 22-сонли қарори, 2-иловаси билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 125-банди “в” ва “Д” кичик хатбошисида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир қилинган ҳолда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали манфаатларига (“Sadbarg-1” бўйича 276 млн. сўм ва “Sadbarg-3” бўйича 332,8 млн. сўм) жами 608,8 млн. сўм зарар етказилган.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, “Sadbarg” хусусий корхонаси мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жуда кўп миқдордаги табиий газни ўғирлашда ифодаланган жиноят аломатлари мавжуд.
Мазкур ҳолат юзасидан “Sadbarg” хусусий корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.