Бухорода икки ҳолатда аёллар томонидан содир этилган киберхавфсизлик жиноятлари фош этилди
Номаълум шахс Когон шаҳар Халқлар Дўстлиги кўчасида яшовчи фуқарони ва яна 3 нафар бошқа фуқароларни алдаб, уларнинг соддалигидан фойдаланиб, турли алдов йўллари билан пластик карталаридан жами 4.040.000 сўм пулларни ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ечиб олиб, фирибгарлик жиноятларини содир қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Когон шаҳар ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Когон шаҳар “М.Улуғбек” маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган О.Г. исмли аёл содир қилганлиги аниқланди.
Шунингдек, навбатдаги ҳолатда Олот тумани ИИБ томонидан берилган маълумотга кўра, номаълум шахс компьютер тизимларига рухсатсиз кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида туманнинг “Маърифат” маҳалласида яшовчи бошқа бир фуқарога “Миллийбанк” АТБ томонидан расмийлаштириб берилган пластик картадан ҳамда шу каби яна 9 нафар фуқароларнинг картасидан жами 12.511.000 сўм пулларни яширин равишда ечиб олиб, фуқароларга моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳам туман ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида, ушбу кибержиноятларни Олотнинг “Маърифат” маҳалласида яшовчи, 2001 йилда туғилган Ш.Г. исмли аёл содир қилганлиги фош этилган.
Ҳозирги кунда ушбу шахсларнинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорликлари, шунингдек, ушбу гумон қилинувчилардан жабрланган фуқароларни аниқлаш юзасидан тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.