8 Апрел 2023 йил 439

Бухорода икки ҳолатда ички ишлар органлари ходимларига пора бермоқчи бўлган шахслар жиноят устида қўлга тушди

Гап шундаки, вилоят ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида тизим ходимларининг хизмат интизоми ва қонунчилик таомилларига риоя қилишлари юзасидан бир қатор манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳалоллик принципи асосида ваколат доирасидаги вазифалар билан боғлиқ "хизмат кўрсатиш" эвазига пора таклиф қилган фуқаролар тўғрисида ўз вақтида ва белгиланган тартибда маълум қилган ходимларни рағбатлантириш тизими жорий қилинган.

Бу каби чоралар натижасида, бир нечта ҳолатда ходимларга пора беришни таклиф этиш билан боғлиқ жиноий ҳолатлар фош этилди.

Жумладан, Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган Б.О. ўзига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автотранспорт воситасини жарима майдонидан чиқариб бериш учун йўл патруль хизмати инспекторига 350.000 минг сўм пора таклиф қилади.

Иккинчи ҳолатда, яна бир Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган М.Ф. ҳам ўзига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автотранспорт воситасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига йўл патруль хизмати инспекторига 270.000 минг сўм миқдорида пора таклиф қилган.

ЙПХ инспекторларинг билдиргиси асосида 2023 йил 7 март куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамда Департаментнинг Ғиждувон туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу фуқаролар Ғиждувон туман "Шарқ" маҳалласида жойлашган жарима майдонида олдиндан пора тариқасида таклиф қилинган пулларни бераётган вақтларида жиноят устида ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, унутманг!

Пора бериш ҳам, пора олиш ҳам жиноят ва ҳар иккала ҳолатда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида бир хил турдаги жазо чоралари белгиланган.

Шундай экан, ҳар биримиз жамиятда учрайдиган ҳар қандай коррупцион ҳолатларга қарши биргаликда курашайлик.

Text to speech