Бухорода “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси бўлиб ўтди
Ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Бухоро вилояти прокуратураси ва ички ишлар тизими ходимлари иштирок этишди.
Ушбу ўқув машғулотлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилгани алоҳида аҳамият касб етди.
Шунингдек, тадбирда Конституциянинг янги таҳририни референдумга чиқариш ҳақидаги қарорнинг мақсади, янги таҳрирга асосан, Ўзбекистон конституциясидаги моддалар сони ҳозирги 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага оширилаётгани, 128 та модданинг 91 тасига концептуал ўзгаришлар киритилаётгани ҳақида маълумот берилди. Машғулотлар аввалида инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборат эканига эътибор қаратилди.
Аслида, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этишининг ўзи ҳам мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш тамойилининг кенг қулоч ёзаётганидан далолатдир.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда. Машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишига кўмаклашади.
Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида эгалланган назарий билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовлари ўтказилди. Шундан сўнг тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.