Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида матбуот анжумани ҳамда бошқарма ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ярим йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида бугун, 22 июль куни 2023 йилнинг 6 ойи давомида вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида олиб борилган профилактик тадбирлар ва уларнинг натижадорлиги, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича кенг жамоатчиликка ахборот бериш, соҳага тааллуқли муаммоли саволларга ойдинлик киритиш ҳамда тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида навбатдаги матбуот анжумани ҳамда вилоят ИИБ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ярим йиллик ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Матбуот анжуманини бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шуҳрат Жалолов очиб бериб, иштирокчиларни кун тартиби билан таништирди.
Шундан сўнг, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов анжуман кун тартибидаги масала бўйича батафсил маълумот берди.
Бунда, тизимда амалга оширилаётган манзилли чора-тадбирлар, соҳани “Халқ манфаатларига хизмат қиладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи томонидан аҳоли муаммоларини ҳал этишда «фуқаробай» ишлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий профилактикасини таъминлаш ҳамда "Хавфсиз ҳудуд" тамойили асосида жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Шу билан бирга, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Бухоро давлат университети ўртасида “Вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар орасида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар” хусусида имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандумига кўра ташкил этилган «Психологик ва социологик хизмат кўрсатиш» илмий-тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган ишлар ва уларнинг амалга ошириш механизми хусусида сўз юритилди.
Шундан сўнг, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи подполковник Умид Утаев томонидан коррупцияни олдини олишга қаратилган янги лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди.
Унга кўра шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига риоя этилиши, ходимларнинг хизматга совуққонлик билан қарамасликлари, порахўрлик ва таъмагирлик ҳамда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, ваколатдан четга чиқмаслик, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлишлари юзасидан олиб бориладиган чора-тадбирлар тушунтирилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида бошқарма ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгашининг муҳим масалалари ҳамда унинг аъзолари иштирокида ходимлар фаолиятини шаффоф таҳлил қилиш, кузатиш ва хулосавий фикр билдиришда ўзига хос янгича ёндашув асосида олиб борилаётган чора-тадбирлар иш самарадорлигини ошириш баробарида халқ осойишталиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда муҳим саналиши борасида фикр-мулоҳазалар юритилди.
Матбуот анжумани сўнгида соҳага тааллуқли ОАВ вакилларини қизиқтирган барча саволларга бошқарма бошлиғи ва тегишли соҳавий хизмат масъуллари томонидан батафсил жавоблар берилди.