Чорва мол ўғирлигини ўзига касб қилган жиноий гуруҳнинг яна бир жинояти фош бўлди
Аввал хабар берганимиздек, Қоровулбозор тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳамда тергов ҳаракатлари натижасида ушбу туманда, шунингдек, вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида бир нечта чорва мол ўғирликларини содир қилган жиноий гуруҳ фош этилган эди.
Куни кеча мазкур жиноий гуруҳнинг яна бир жинояти ошкор бўлди.
Гап шундаки, 2022 йилнинг 22 ноябрдан 23 ноябрга ўтар кечаси номаълум шахслар Қоровулбозор тумани Жарқоқ маҳалласи ҳудудида жойлашган “Эзгу ният боғи” фермер хўжалиги дала ерида боқиш учун боғлаб қўйилган, жами баҳоси 35 млн. сўмлик 3 бош отларни яширин равишда талон-торож қилганлар.
Ушбу жиноятни ҳам айнан бир оз олдин қўлга олинган жиноий гуруҳнинг 2002 йилда туғилган И.Ю., 2004 йилда туғилган Т.А., 2004 йилда туғилган С.Н. ва 1991 йилда туғилган У.Ф.исмли аъзолари олдиндан жиноий тил бириктириб содир қилинганликлари фош этилди ва жиноят иши юзасидан ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинди.
Ҳозирги кунда "чорва мол ўғирлигига ихтисослашган" жиноий гуруҳнинг худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.