21 Июл 2023 йил 633

Чорва мол ўғриси 2 йилдан сўнг қўлга тушди

2021 йилнинг 26 майидан 27 майига ўтар кечаси номаълум шахс Когон тумани Тунироқ маҳалласи ҳудудида жойлашган "Алиноз-Шергирон" фермер хўжалиги ер майдонида қаровсиз қолдирилган, туманнинг Ўба Чўли маҳалласида яшовчи, 1969 йилда туғилган Р.А. га тегишли бир бош баҳоси 6.000.000 сўмлик сигирини ўғирлаб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, бир қатор тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган. Аммо жиноятни содир қилган шахс фош бўлмасдан қолган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида кўрсатмаси асосида ўтган йилларда содир этилиб мавҳумлигича қолиб кетган жиноятларни фош этиш борасида олиб борилган манзилли тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Когон шаҳар Бунёдкор маҳалласида яшовчи 1984 йилда туғилган Р.И. содир қилганлиги аниқланган.

Ҳозирги кунда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги очилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech