Давлат раҳбарининг ПҚ-1-сонли Қарори ижросини таъминлаш борасида криминоген вазияти оғир ҳудуд сифатида баҳоланган Ғиждувон туманида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирлар ҳамда манзилли ишлар жойига чиқиб ўрганилди
Расмий саҳифаларимизда хабар бериб бораётганимиздек, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги масъуллар бевосита ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь кунидаги "2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни жойига чиқиб ўрганмоқда.
Навбатдаги ўрганишлар ушбу қарор асосида алоҳида ажратиб олинган, криминоген вазияти оғир дея баҳоланган Ғиждувон туманида амалга оширилди.
Дастлаб, туман марказидаги маҳаллаларда масъуллар томонидан ПҚ-1-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 801-сонли Қарорлари талаблари асосида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, мавжуд муаммолар ҳамда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар бирма-бир муҳокама қилинди.
Тунги вақтларда фаолият олиб бораётган кўнгилочар жойлар, кафе, бар, ресторан ҳамда тунги клубларда, шунингдек кўча ва жамоат жойлари, хусусан истироҳат боғида жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлиги, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган патруллик йўналишларининг хизмат фаолияти ҳам ўрганилди.
Ўрганиш давомида ҳар бир йўналиш бўйича иш самарадорлигини яхшилаш, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора тадбирлар белгилаб олинди.
Якунда туман ҳокимлигида тезкор йиғилиш ўтказилди. Бунда жорий йилнинг 22-29 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида олиб борилган комплекс инспекторлик текшируви якунлари юзасидан ўтказилган якуний йиғилишда берилган топшириқлар ижроси муҳокама қилинди.
Танқидий-таҳлилий тарзда ўтган йиғилишда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан соҳавий хизматлар масъулларининг амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботлари тингланиб, туманда жорий йилнинг бугунги кунига қадар қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, омил бўлган шарт шароитлар, жиноятларнинг турлари, содир этган шахсларнинг тоифалари кесимида чуқур таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирининг алоҳида Фармойиши асосида Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган "Хавфсиз ва соғлом юрт" ҳамда "Қорадори-2025" кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлари доирасида туманда амалга оширилган ишлар ва натижалар ҳам бирма-бир кўриб чиқилди.
Якунда, иш натижалари паст бўлган ходимларга интизомий чоралар қўллаш, юқори натижага эришган ходимларни рағбатлантириш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузарликларни олдини олишга доир профилактик огоҳлантирув ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилиб, ички ишлар органлари ходимлари томонидан йўл қўйилган интизом бузиш ҳолатлари аниқ мисолларда улар эътиборига етказилди.
Ўрганиш ва якуний йиғилиш давомида аниқланган ҳар бир масала ҳамда муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилиб ижроси алоҳида назоратга олинди.
Бу каби ўрганишлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам изчиллик билан давом этмоқда.