24 Август 2023 йил 1628

Диний мутаассиблик жавобгарликка сабаб бўлади!

Сўнги йилларда айрим фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда муайян диний меъёрларни ўз нуқтаи назаридан талқин қилиши, дунёвий давлат тамойиллари, фуқаровий ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликка салбий таъсир қилиши мумкин бўлган фикрларни илгари суриш ҳолатлари учраб турибди.

Хусусан, жорий йилнинг 21-24 август кунлари Бухоро вилоятида амалга оширилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида 16 нафар фуқаро Интернет тармоғи орқали турли диний мазмундаги материалларни амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда тарқатиш билан шуғулланиб келаётганликлари аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Мазкур ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларнинг 10 нафарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184 прим 2 ва 184 прим 3-моддалари асосида маъмурий жавобгарликка тортилиб, 6 нафарига нисбатан расмий огоҳлантириш эълон қилинди.

Қолаверса, кўп миллатли ва кўп конфессияли жамият сифатида Ўзбекистон Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи белгилаб қўйилган.

Шундай экан, турмушда ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва ахлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас.

Ҳурматли фуқаролар! Жамиятда қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қилган ҳолда, миллий қонунчилигимизга итоаткор бўлишга чақирамиз.

Text to speech