Диққат, фирибгар: Олотда бир нечта содда инсонларга субсидия асосида уй олиб бериш учун таъмагирлик қилган аёл қўлга олинди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ЖҚБ ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Қоракўл тумани “Дўрман” маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган Ҳ.Д. исмли аёл бошқа бир аёлни алдаб, комиссия аъзоларига пора бериш орқали, унга уй олишда субсидия ажратиб бериш эвазига олдиндан 200 АҚШ доллари олиб, кейинчалик яна 100 АҚШ доллари талаб қилиб, 2023 йил 14 май куни тахминан соат 15:30 ларда Қоракўл туманидаги Деҳқон бозори олдида ушбу 100 АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида ушланган.
Бундан ташқари, ўтказилган терговга қадар текшириш жараёнида, гумон қилинувчи Ҳ.Д. жабрланувчига муқаддам ундан олган 200 АҚШ долларидан 2.000.000 сўмини қайтарган ҳолат ҳам тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Шунингдек, гумон қилинувчи Ҳ.Д. нинг яна бошқа бир неча фуқаролар З.А. дан худди шу сабаб билан 300 АҚШ доллари, К.Қ. дан 300 АҚШ доллари, О.С. дан 300 АҚШ доллари ҳамда М.Х. дан 2,5 млн сўм олганлиги ҳам ўз тасдиғини топган.
Шундай қилиб, гумон қилинувчи Ҳ.Д. жами 5 нафар фуқароларнинг ишончига кириб, уларни алдаб, пора беришга далолат қилиб, умумий ҳисобда 1.200 АҚШ доллари ва 2,5 млн сўм пулларни қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ҳ.Д. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Коедксининг 168-моддаси 3-қисми ва 25/211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, унинг яна худди шу каби жиноятларга алоқадор бўлиши мумкинлигини аниқлашга қаратилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.